2018 йилнинг 25 апрелида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида адлия вазири Русланбек Давлетовнинг Де Монфорт университети (Буюк Британия) вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирликнинг Facebook’даги «Адлия билан мулоқот» саҳифасида хабар берилди.
Де Монфорт университети (ДМУ) ҳуқуқ, бизнес, молия, иқтисодиёт ва сиёсатшунослик дастурлари сифати бўйича Бирлашган Қиролликнинг энг яхши университетлари ўнлигига киради.
Давлетов меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолияти йўналишлари билан қисқача таништирди, шунингдек, вазирликнинг суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишдаги асосий вазифалари, функциялари ва роли ҳақида маълумот берди.
Учрашув давомида вазир Ўзбекистонда мазкур университетнинг ваколатхонасини очиш ва Тошкент давлат юридик университети билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди.
Профессор Элисон Онора ва ҳуқуқ факультети декани Мажит Ридона, ўз навбатида, Ўзбекистон томонини Британия ОТМнинг асосий йўналишлари ва халқаро лойиҳалари билан таништирди. Шунингдек, университетда 22 минг нафар (130 та турли мамлакатдан) талаба таҳсил олиши, университет дунёнинг 25 та мамлакатидаги 80 та университет билан ҳамкорлик қилиши маълум қилинди.
Учрашув якунига кўра, вазир нафақат ҳуқуқ, балки таълимнинг туризм, архитектура, дизайн ва тўқимачилик соҳалари бўйича ҳам ҳамкорлик ўрнатишга кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Изоҳ (0)