28–29 апрель кунлари Бойсун туманидаги Паданг қишлоғида анъанавий «Бойсун баҳори» очиқ фолклор фестивали ўтказилади. Ташкилотчиларнинг пухта ҳозирлик кўраётганликларидан англаш мумкинки, бу йилги тадбир илгаргиларидан кескин фарқ қилади, деб ёзмоқда ЎзА.
Паданг қишлоғида ҳар йилгидан-да ўзгача тайёргарлик кўрилди. Ташрифи кутилаётган 20 дан ортиқ давлат ҳамда республиканинг турли ҳудудларидан келадиган меҳмонлар учун барча шароитлар яратилмоқда.
Асосий тадбирлар ўтадиган 28–29 апрель кунлари асосий саҳнада республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган фолклор-этнографик халқ ансамбллари ва бадиий жамоалар, иккинчи саҳнада эса вилоятнинг шаҳар ва туманларидан 16 та бадиий жамоа ўзаро беллашади.
Фестиваль доирасида бахшилар кўрик-танлови, кураш мусобақалари, кўпкари, тош кўтариш, арқон тортиш, варрак сайли, хўроз, қўчқорлар жанги каби қизиқарли халқ ўйинлари ташкил этилади.
Шунингдек, миллий либослар, таомлар ҳамда ёш рассомларнинг ижодий кўргазмалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан турли акциялар ўтказиш учун ҳам алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда.
Фестивальнинг янада завқли ўтишини таъминлаш мақсадида тунги ёритиш чироқлари, тўртта уяли алоқа компаниясининг янги ускуналари ўрнатилиб, автомобиллар тураржойи барпо этилди. Байрам ўтадиган майдонда 100 дан ортиқ ўтов тикилиб, уларда косиблар, ҳунармандлар, ошпазлар каби 10 га яқин овул ташкил этилади.
Изоҳ (0)