Сайёранинг энг қизиқарли, мафтункор ва ноодатий шаҳарлари суратларини кўришга кўникиб қолганмиз. Бироқ буларнинг бутунлай акси бўлган шаҳарлар ҳам бор. АҚШнинг экология муаммолари билан шуғулланувчи Блэксмит институти ташриф буюриш инсон организмига ижобий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан йироқ бўлган шаҳарлар ўнлигини тузди, деб ёзади TravelAsk.
Дзержинск, Россия
Совет даврида шаҳар кимё саноатининг асосий маркази бўлган. Ҳозирда корхоналарнинг аксарияти ёпилган бўлса-да, ифлосланиш даражаси барибир жуда юқори.
Кабве, Замбия
ХХ аср бошида бу ерда қўрғошин ва кадмий конлари топилган. Уларни қазиб олиш қанчалик заҳарли бўлиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Ҳозирда шахта ва заводлар ёпилган, бироқ бу экологик вазиятга кам таъсир кўрсатган.
Ла-Оройя, Перу
Яна қўрғошин. Бу ерда унинг қазиб олиниши аҳоли, айниқса болаларнинг соғлиғига жуда ёмон таъсир кўрсатган.
Линьфэнь, Хитой
У Хитойнинг энг ифлосланган шаҳарларидан бири деб топилган. Уни ўраб турган тоғлар кўмир конларига бой. Доимий бронхитлар, пневмония ва ўпка саратони — шаҳарда энг кўп тарқалган хасталиклардир.
Норильск, Россия
Энг йирик металлургия комплексларидан бири шаҳар ҳудудида жойлашган. Никeль ва бошқа оғир металларнинг қайта ишланиши турли респиратор хасталикларнинг ривожланишига олиб келади.
Сукинда, Ҳиндистон
Бу ердаги ўлим ҳолатларининг 85 фоизи шу ердан қазиб олинадиган хромдан заҳарланиш оқибатида юз беради. Ичимлик сувининг 50 фоиздан ортиғи ичиш учун яроқсиз.
Тяньцзинь, Хитой
Қўрғошинни қайта ишлаш чиқиндилари кўп миқдорда тупроқ ва сувга тушади. Бу эса аҳоли соғлиғида акс этади, кўпинча болаларда ақлий заифликни келтириб чиқаради.
Вапи, Ҳиндистон
Ҳиндистоннинг иқтисодий ўсишини таъминлаган шаҳардаги экологик вазият ачинарли. Ҳаводаги оғир металлар ва сувдаги симоб даражаси ҳалокатли даражада.
Сумгаит, Озарбайжон
Нефть-кимё ва саноат комплекслари ҳозир ёпилган. Бироқ улар ишлаб турган вақтда тонналаб чиқиндилар чиқарган, бу эса экологиянинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатмасдан қолмаган.
Чернобиль, Украина
Изоҳлар ортиқча. Чернобиль АЭСнинг аварияси шаҳарни одам яшаши учун яроқсиз ҳолатга келтирган. Шунга қарамасдан, қизиқувчан сайёҳлар бу ерга ҳам келиб туради.
Изоҳ (0)