Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи ака-ука Исмоил ва Исроил бошчилигидаги жиноий гуруҳ ҳаракатлари тўхтатилди. Бу ҳақда, маҳаллий STV телеканалига асосланиб, «Xabar.uz» маълум қилди.
Тумандаги маълум бир ҳудудни бир неча йил давомида қўрқувда ушлаб туриб, товламачилик ва талончилик билан шуғулланган гуруҳнинг 12 нафар аъзоси суд олдида қилмишларига яраша жавоб берди. Жиноий тўда раҳбарлари суд қарори билан 17 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Суд мажлиси Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди бўлиб ўтди. Суд очиқ шаклда ўтказилиб, унда айбловчиларнинг қариндошлари, ҳуқуқшунослар ва ОАВ вакиллари қатнашди.
Суд раиси ҳар бир айбловчининг жиноий ишини алоҳида кўриб чиқди. Суд залида гуруҳ аъзолари томонидан амалга оширилган оғир жиноятлар санаб ўтилгач, айбланувчилар ўзларини ғалати тута бошлади. Уларнинг бир нечтаси шовқин солиб, ҳатто бошларини панжарага урганича чиқариб юборишни талаб қилди. Бу билан суд ишига халақит қилишга ҳам уринди.
Шунга қарамай, суд ўз ишини давом эттирди. Суд жараёнида жиноий тўданинг маҳаллий аҳолини қўрқувга солиш, ҳаётига таҳдид қилиш, қаттиқ тан жароҳатлари етказиш орқали талончилик билан шуғулланиб келгани аниқланди. Улар шунчаликка борганки, ўз жабрдийдаларини қандай дўппослаганию, қийноққа солганини тасвирга олиб, интернетга жойлаб турган. Судда етти нафар жабрланувчининг аризаси ҳам кўриб чиқилди.
Кўриб чиқилган материаллар ва йиғилган ашёвий далиллар асосида айбланувчиларга суд ҳукми ўқилди. Хавфли жиноий гуруҳ ташкилотчиси Исмоил Холиқов ЎзР Жиноят кодексининг 59-моддасига (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) кўра айбдор деб топилиб, 17 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Гуруҳнинг қолган аъзоларига ҳам узоқ муддатли жазолар тайинланди. Жиноятчилар жазони қаттиқ тартибдаги колонияларда ўтайди.
Ушбу хавфли жиноий гуруҳнинг айрим аъзолари ҳали қидирувда экани ҳам маълум қилинди.
Изоҳ (0)