25 март куни Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси матбуот марказида ташкил этилган анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмалжон Умирзоқов Ўзбекистон – Афғонистон муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий асослари ҳақида тўхталиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган 1992 йилдан буён турли соҳаларга оид 47 ҳужжат имзоланган. Шундан учтаси давлатлараро, 14 таси ҳукуматлараро ҳужжатдир. Мунтазам ташкил этиб келинаётган турли даражадаги учрашувлар чоғида 20 га яқин шартнома ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинган.Ўзбекистон ҳар доим қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш тарафдори бўлиб келган. Имзоланган ҳужжатлардан 17 таси сиёсий ва хавфсизлик масалаларига тааллуқли экани ҳам буни тасдиқлайди. 15 ҳужжат транспорт-логистика имкониятларини кенгайтириш, 12 шартнома савдо-иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантириш мақсадларини кўзда тутади. Бундан ташқари, идоралараро тусдаги 8 ҳужжат амал қилиб келмоқда. Улар мамлакатларимизнинг фаол алоқаларини таъминлашга қаратилган.
Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги муносабатларда ижтимоий, маданий-гуманитар соҳалар устувор аҳамият касб этади. Ўтган йили Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Афғонистоннинг Жамоат соғлиғини сақлаш вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзолангани, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Афғонистон Олий таълим вазирлиги ўртасида тузилган келишувлар таълим, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини ташкил қилмоқда.
Мамлакатларимиз ўзаро муносабатларини ҳар томонлама тараққий эттиришда ва эришилган келишувларни ўз вақтида, изчил амалга оширишда 2017 йил бошида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тузилган «Йўл харитаси» муҳим ўрин тутмоқда.
Акмалжон Умирзоқов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Изоҳ (0)