Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида 23 март куни соат 03:35 атрофида «Чаманзор» маҳалласида яшовчи Ҳ.Ҳошимовнинг уйида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда ИИВ жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.
Кўрилган чоралар натижасида ёнғин ўчирилди, бироқ офат қўшнилар Т.Собиров ва М.Каримовнинг уйига ҳам ўтишга улгурганди. Бунинг оқибатида уч оиланинг уйининг томи, шифти ва уй-жиҳозлари ёниб, зарар кўрди. Ёнғин ўчириш вақтида М.Каримовнинг уйидан жияни, 1993 йилда туғилган С.Олимовнинг жасади топилди.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Косон туманида 23 март куни соат 06: 25 ларда «Гувалак» маҳалласида яшовчи Мухтор Абдураҳимовнинг уйида электр симларининг қисқа туташуви оқибатида ёнғин содир бўлган.
Кўрилган чоралар натижасида ёнғин ўчирилди. Офат оқибатида уйнинг томи, шифти ва уй жиҳозлари ёниб, зарар кўрди. Ёнғинни ўчириш давомида Мухтор Абдураҳимовнинг укаси, 1976 йилда туғилган Мурод Абдураҳимовнинг жасади аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)