Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун виза расмийлаштирмасдан қўшни мамлакат ҳудудида 30 кунгача бўлиш имконияти яратилганидан сўнг тожикистонликлар Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро, Тошкентда бўлиб, саёҳат қилмоқда, деб ёзади «Халқ сўзи».
Ана шундай меҳмонлардан бири — Тожик миллий университети талабаси Саид Носирхон Маъруфзода Тошкент шаҳрида ўзи дуч келган бир ҳодиса ва ундан олган катта таассуроти ҳақида Facebook’даги гуруҳлардан бирида ёзди:
Ассалому алайкум! Дўстлар Тошкентда биз билан рўй берган бир воқеани сизларга ҳам айтиб бермоқчиман.Биз Megaplanet савдо марказига етиб олиш учун машина тўхтатдик ва ўзимиз билмаган ҳолда унда янги қимматбаҳо смартфонимизни унутиб қолдирибмиз (гап шундаки, ҳали Ўзбекистон сим-картасини сотиб олишга улгурмаган эдик, бизнинг Тожикистон сим-картаси эса бу ерда ишламас экан) ва ўйладик: «Ҳа, майли, нима бўлса, бўлди, шаҳар катта ўша машинани барибир топа олмаймиз». Тасаввур қилаяпсизми, орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас ўша машина ҳайдовчиси савдо марказига келиб бизни топди ва смартфонни қайтариб берди.
Ундан «Қандай қилиб топдингиз, ахир у орқа ўриндиқда тушиб қолган эди-ку?» деб сўрадик. Шунда у биздан кейин чиққан маҳаллий ўзбек мижоз телефонни кўриб қолиб, унга топширганини айтди. Ахир топган ҳам ва уни олган ҳам смартфонни ўзида қолдириб билдирмасдан кетиши мумкин эди-ку (уларнинг ҳар иккиси ҳам қаҳрамонлар, ҳа қаҳрамонлар! Чунки бизнинг замонимизда бундай инсонлар жуда кам) ва ўз вақти ҳамда бензинини аямай бизни топди-ю, қайтариб берди. Биз уни пул билан мукофотламоқчи бўлдик, биласизларми, у нима деб жавоб қайтарди: «Биз қардош халқлармиз, сизлар эса бизнинг меҳмонимизсиз ва менинг ўрнимда бошқа бўлганида ҳам худди шундай қилган бўларди»(шундай камтар жавоб берди) ҳамда мукофотни қатъий рад этди.
Якунда шуни айтишни истардимки, бизни Ўзбекистон қардош халқи жуда илиқ ва хурсандчилик билан кутиб оляпти. Бунинг учун катта раҳмат!
Расмда ўртамизда бизнинг қаҳрамон.
Изоҳ (0)