Марс юзасидаги илк океанлар тахминан 4 миллиард йил муқаддам пайдо бўлган. Бу олдин айтилган даврдан 200–300 миллион йилга олдинроқдир, деб ёзади «РИА Новости» Nature журналига асосланган ҳолда.
«Ҳамкасбларимиз Марсдаги энг йирик вулқон рельефи бўлмиш Фарсида платоси Марс океанлари туғилишидан олдин, тахминан 3,7 миллиард йил муқаддам юзага келган деб ҳисоблар эди. Биз океанлар ё улар билан бир вақтда, ёки олдинроқ пайдо бўлганини аниқладик», — маълум қилди Берклидаги Калифорния университети геологи Майкл Манга.
Охирги йилларда олимлар Марс юзасида қадимда дарёлар, кўллар ва океанлар бўлганига кўплаб гувоҳликлар топди. Уларда бугунги Шимолий муз океанида бўлганчалик миқдорда сув борлиги айтилади.
Айни пайтда, сайёрашуносларнинг бир қисми қадимги Марс океанлар мавжуд бўлиши учун жуда совуқ бўлганини, унинг суви фақат вулқонлар отилган пайти суюқ ҳолатда бўлганини айтади.