Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) вице-президенти Сурайё Ер ва агентликнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Иҳсан Чағлар билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Учрашувда TIKA томонидан Ўзбекистонда талаб юқори бўлган соҳалар бўйича касб-ҳунарга ўқитиш тизимини йўлга қўйиш юзасидан таклифлар берилди. Жумладан, TIKA раҳбарияти Фарғона водийсида ҳудуд эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, касб-ҳунарга ўқитиш марказларини очиш, айниқса, талаб юқори бўлган тикувчилик, автомобилсозлик, машинасозлик, пайвандлаш ва бошқа шу каби йўналишларда касб-ҳунарга ўқитиш тизимини яратишга эътибор қаратди.
Касб-ҳунар ўргатишда Туркиядан малакали кадрларни жалб қилиб, таълим сифатини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган малакали касб эгалари меҳнат фаолиятини бошлашида керакли жиҳоз ва анжомлар билан таъминлаб берилиши алоҳида таъкидланди.
Ушбу тизим аввало Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ишга туширилиши ва кейинчалик республиканинг қолган вилоятларида ҳам худди шундай марказлар очилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)