22 февраль куни Украинанинг Тошкентдаги элчихонасида журналистлар учун матбуот анжумани уюштирилди. Тадбир Украина учун турли соҳалар бўйича йил якунлари ҳамда галдаги вазифалар, шунингдек, Ўзбекистон – Украина муносабатларининг истиқболларига бағишланди. Анжуманда «Дарё» вакили иштирок этди.
Украина элчиси Юрий Савченко 2017 йилда мамлакат иқтисодиётида, ижтимоий-сиёсий ҳаётида эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар ҳақида сўз юритди. Бундан ташқари, ташқи сиёсат хусусида сўз юритаркан, расмий Киевнинг айрим ҳудудлардаги уруш ҳолатига чек қўйиш, мамлакат суверенитети ва яхлитлигини тиклаш, Қрим ярим ороли устидан назоратни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатларига тўхталиб ўтди.
Тадбир доирасида 2013 йил 22 ноябрида Киевда бошланган, «Евромайдон» воқеалари сифатида машҳур Қадр-қиммат инқилоби қурбонлари ёдга олинди. Эслатиб ўтамиз, Евромайдон 2014 йил 22 февраль куни президент Януковичнинг четлатилиши билан якунланган эди. Элчихонадаги тадбир айнан шу санага мўлжаллаб ташкил этилди.
Иштирокчиларга Евромайдон воқеаларига бағишланган қисқа видеоролик намойиш этилди. Яна бир ролик Қрим ярим оролининг Россия томонидан аннексия қилиниши чоғида олинган жонли видеолавҳалардан иборат бўлди.
Тадбирнинг иккинчи қисми Ўзбекистон – Украина муносабатларига бағишланди. Юрий Савченко 2018 йилда расмий Киев икки томонлама муносабатлар жонланишига умид билдираётганини таъкидлаб ўтди. Жумладан, у 2017 йилда икки томонлама товар айланмаси 36 фоизга ошганини таъкидлаб ўтди. Бунда Ўзбекистоннинг Украинага экспорти 70 фоизга ошгани қайд қилиб ўтилди.
Шунингдек, элчи Ўзбекистон ва Украинанинг бештадан вилояти раҳбариятлари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтгани, келажакда улар яқиндан ҳамкорлик қилиши режалаштирилаётганини айтиб ўтди. Жумладан, Харьков – Тошкент, Херсон – Жиззах, Львов – Самарқанд, Запорожье – Навоий вилоятлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Апрель май ойларида икки томонлама делегация алмашинуви режалаштирилмоқда. Шундан сўнг конкрет режалар тузилиб, йилнинг иккинчи ярмида ҳукуматлараро комиссия маслаҳатлашувлари ўтказилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Юрий Савченко маданий соҳадаги лойиҳаларга тўхталиб ўтди. Айтилишича, жорий йилда «Қўшиқ дўстларни бирлаштиради» номи остида украин-ўзбек дўстлик фестивали ўтказилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, украин классиклари Тарас Шевченко, Франко, Леся Украинкаларнинг айрим асарлари ўзбек тилида чоп этилиши режалаштирилмоқда. Бошқа маданий тадбирлар сирасида икки мамлакат футбол клублари ўртасида ўртоқлик учрашувлари ўтказилиши ҳамда Tashkent City веложамоасининг Украинадаги турнирлардан бирида қатнашиши айтиб ўтилди.
Суҳбат якунида элчи журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Изоҳ (0)