«Тошкент» телеканалининг «Пойтахт-Вазият» кўрсатувида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани Боғкўча маҳалласи 29-блокдаги 22-уйда юз берган ва етти кишининг ўлимига сабаб бўлган ёнғин ҳақида ахборот берилди.
Ёнғин оқибатида 200 квадрат метр майдонда уйнинг том қисми, шифти ва уй жиҳозлари, шунингдек, ҳовлида турган иккита Lacetti автомобили оловдан зарар кўрган.Мазкур бахтсиз ҳодиса туфайли ушбу хонадонда яшаган беш нафар, шунингдек, бу уйга меҳмонга келган икки нафар фуқаронинг куйган ҳолдаги жасадлари топилган.
Ёнғин қўшни уйларнинг том қисмларига ҳам тарқалган. Жумладан, 23-уйнинг 50 квадрат метр майдонда, 21-уйнинг 15 квадрат метр майдонда том қисми оловдан зарарланган.
«Ҳозирда ёнғин сабаби — 22-уй ертўласига ўрнатилган АГВ русумли иситиш қозонига ўтказилган газ тармоғидаги газ босимини назорат қилувчи қурилмага уланган гофро-шланкдан газнинг сизиб чиқиб, хонага тўпланиб қолиши ва унинг алангаланиши натижасидан, деб тахмин қилинмоқда», — дейилади «Пойтахт-Вазият»даги лавҳада.
Қўшимча қилишларича, айни вақтда мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)