Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасининг раҳбарияти ва ҳудудий инспекциялар томонидан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида тадбиркорлар, экспортчи ташкилотлар ҳамда фермер хўжаликлари мутахассислари билан семинар учрашувлари, очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят давлат солиқ бошқармаси вакиллари маълум қилди.
Тадбирларда асосий эътибор тадбиркорлик субъектлари ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш, солиқ соҳасида мавжуд муаммоларни ҳар томонлама ўрганиш ва зудлик билан ҳал этиш ҳамда улар томонидан берилаётган таклифларни ўрганишга қаратилди.
Қўшкўпир туманида ташкил этилган учрашув тадбирларида вилоятда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳити даражасининг халқаро рейтингини янада ошириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар тўғрисида айтиб ўтилди.
Тадбирда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ж. Темуров сўзга чиқиб, ҳукумат томонидан тадбиркорлик субъектларига барча жабҳаларда қулай шарт-шароитлар яратиб берилаётгани, шу жумладан, солиқ тизимида ҳам солиққа оид қонунчилик соддалаштирилиб, амалдаги тартиблар енгиллаштирилаётгани ҳамда солиқ тўловларидан имтиёзлар берилиб, соҳада тадбиркорлар учун қўшимча имкониятлар яратилаётгани ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларининг билдириб ўтди.
Тадбир давомида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган кўпгина тадбиркорларнинг мурожаати ўз ечимини топди.
Жумладан, Қўшкўпир тумани Ғазовот қишлоғида Ғазовот деҳқон бозори ёнида жойлашган узоқ йиллардан буён фойдаланилмасдан турган қурилиши тугалланмаган бино шу қишлоқда яшовчи фуқаролар Илҳом Маткаримов ва Комилжон Нуримовга қонуний берилиш масаласи ҳал қилинди. Эндиликда бу бинода нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолияти йўлга қўйиладиган бўлди.
Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбирлар вилоятнинг барча туманларида давом этмоқда.
Изоҳ (0)