7–8 февраль куни Тошкентда «Профессионал-техник таълимнинг инновацион ечимлари: Samsung Инновацион академияси II босқичини амалга ошириш тажрибаси» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га тадбир ташкилотчилари маълум қилди.
Шунингдек, «Samsung Инновацион сервис академияси» лойиҳаси доирасида Тошкентнинг тегишли мутахассисликдаги коллежлари учун демо-тур ва тренинглар ташкил этилди.
Тадбирларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси мутахассислари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон экологик ҳаракати, Samsung Electronics Central Эурасиа компанияси, Марказий Осиё инновацион экологик маркази вакиллари, шунингдек, қатор коллежлар раҳбарияти, ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этди.
«Samsung Инновацион сервис академияси» стратегик ижтимоий лойиҳаси коллеж ўқувчиларига қўшимча таълим тақдим этиш, ёшлар бандлиги муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, сервис соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги стандартларини жорий этишга қаратилган.
Лойиҳанинг II босқичи 2017–2018 йиллар мобайнида амалга оширилмоқда.
8 февраль куни лойиҳа доирасида Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида Samsung Инновацион академияси демо-тури ўтказилди. Унинг доирасида ўқувчилар учун қуйидаги тадбирлар уюштирилди:
- Смартфон таъмирлаш курслари бўйича тренинг;
- Телевизор таъмирлаш курслари бўйича тренинг;
- «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш» курси бўйича тренинг.
Изоҳ (0)