Мудофаа вазирлиги ҳамда «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ҳамкорлигида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзолари фонднинг Тиббий ташхис марказида тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилаётган 50 нафар оила педиатр, окулист, эндокринолог, гинеколог, терапевт, хирург каби шифокорлар қабулида бўлди. Уларга марказ шифокорлари томонидан «Совуқ ҳавода шамоллашдан сақланиш», «Ўсмирлик даврига хос хусусиятлар», «Уй шароитида камқонликнинг олдини олиш», «Қандли диабет нима?» каби мавзуларда тушунча ва тавсиялар берилди.
Умида Ашерованинг турмуш ўртоғи Шермуҳаммад Ашеров 2000 йил хизмат бурчини ўташ вақтида мардона ҳалок бўлган.
«Ўша пайтда турмуш қурганимизга эндигина уч йил бўлганди. Мен эса бир ярим ёш қизим билан ёлғиз қолгандим. Яқинда қизим 19 га киради, — деди аёл. — Ўтган вақт давомида давлатимиз раҳбарияти, қолаверса, Мудофаа вазирлиги томонидан бизга моддий, маънавий ёрдам бериб келинмоқда. Ўтган йил июнь ойида қизим билан Хитойга дам олишга йўлланма беришди. Мунтазам тарзда тиббий кўрикдан ўтишга чақиришади».
Изоҳ (0)