Америкалик астрономлар биринчи марта Сомон йўлидан ташқарида экзосайёраларни аниқлади. Кашфиёт ҳақидаги маълумот Astrophysical Journal Letters журналида чиқди, деб хабар беради «Газета.ru».
2018 йил февраль ҳолатига кўра Сомон йўли галактикасидан ташқарида 3728 сайёра аниқланган. 622 тизим битта ва ундан ортиқ сайёрадан ташкил топган.
Экзосайёралар гравитацион микролинзалаш йўли билан аниқланди. Оклахома университети олимлари Chandra рентген обсерваторияси ёрдамида Ердан 6 миллиард ёруғлик йили наридаги RX J1131–1231 олис квазарини кузатди. Бу квазар нури ўз йўлида бизга яқинроқ, 3,8 миллиард ёруғлик йили узоқликдаги галактика туфайли синади, шу боис Ерда квазарнинг бирйўла тўрт тасвири кўринади.
Тўрт тасвирдан учтасининг рентген шаклини таҳлил қилар экан, олимлар спектрдаги чизиқларнинг кутилмаган шаклда бузилишини кузатди, бу линза вазифасини бажарувчи галактикада кўп миқдорда сайёра борлиги билангина тушунтирилиши мумкин эди.
«Бу галактика биздан 3,8 миллиард ёруғлик йили нарида жойлашган, бу сайёраларни ҳатто энг яхши телескоплар ёрдамида ҳам бевосита кўриш имконияти йўқ», — тушунтиради мақола муаллифлари.
Математик ҳисоб-китоблар линза-галактикадаги сайёралар массаси ва ёйилиш даражасини аниқлаш имконини берди. Олимларнинг фикрича, у ерда битта юлдузга Марсдан оғирроқ, Юпитердан енгилроқ икки юздан ортиқ объект тўғри келади.