ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Осиё Чемпионлар Лигасининг плей-оффидан жой олган «Ал-Гарафа» — «Пахтакор» ўртасидаги беллашувни стадиондан туриб кузатиш учун Қатар пойтахти Доҳага йўл олди.
2018 йил Ўзбекистон футболи учун катта муваффақият билан бошланди. Энди бизнинг футболчилар ўзлари иштирок этадиган барча турнирларда мана шундай юқори савияда ўйнашлари керак. Умид қиламизки, улар бунинг уддасидан чиқа олишади.Мана шу ният билан ЎФА биринчи вице-президенти Доҳадаги «Таний бин Жассим» стадионига йўл олди. У эртанинг ўзида Тошкентга қайтиб келади. Боиси, 31 январь куни Аҳмаджонов ЎФА делегацияси билан Андижон вилоятига ташриф буюришни режалаштирган. Бундан мақсад — вилоят футболининг айни пайтдаги ҳолати билан яқиндан танишиш.Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичи учун 3 та имкониятимиз борми, улардан максимал тарзда фойдаланишимизни истардим. «Локомотив» жиддий тайёргарликка киришган, «Насаф» Қаршида Иордания клубини таслим қила олишига тўла ишонаман. «Пахтакор»нинг рақиби эса анча жиддийроқ. «Ал-Гарафа» бежизга Снайдер, Вайсс, Таремий каби машҳур футболчиларни олиб келмаган, уларнинг нияти жиддий. Мана шундай паллада Ўзбекистон клубини майдоннинг ўзидан қўллаб-қувватлаб туришни истардим.
Умид Аҳмаджонов, ЎФА биринчи вице-президенти
Қайд этиш керак, бунга қадар Осиё Чемпионатида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон U23 терма жамоаси Тошкентда катта тантана билан кутиб олинган ва муносиб рағбатлантирилган бўлса, эртаси куни Ўзбекистон футзал терма жамоаси катта миссия билан Хитой Тайпейига кузатиб қўйилганди.
Изоҳ (0)