Президент Шавкат Мирзиёев Қарши туманидаги «Бахт» кўп тармоқли фермер хўжалигига ташриф буюриб, вилоятда амалга оширилаётган иқтисодий лойиҳалар билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Давлат раҳбари фермер хўжалигида қўшимча тармоқларни ишга тушириш ҳисобига янги иш ўринларини янада кўпайтириш бўйича тавсиялар берди.
Шу ерда вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, аччиқ қалампир, коврак плантациялари ташкил этиш, чорвачилик, куркачилик мажмуалари, пистазор ва ёнғоқзорлар барпо этиш, сутни қайта ишлаш, асаларичилик лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.
Президент ўрмон хўжаликларида интенсив усулда кўчат етиштириш ҳамда ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланишга оид лойиҳа билан танишар экан, Тошкент давлат аграр университети магистратурасини битириб, Шаҳрисабз туманида 4 сотих ерда 6 ойда 50 мингта 1 ёшли лимон кўчати етиштирган Акбар Саидовнинг инновацион ишланмасига алоҳида тўхталди.
«Лимончилик нафақат Қашқадарё воҳаси, балки мамлакат учун сердаромад соҳалардан. Бу тармоқни ривожлантириш иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш, қўшимча даромад манбаини яратишга хизмат қилади. Шу боис мазкур истиқболли йўналишни қўллаб-қувватлаш, Қашқадарё мисолида лимончилик уюшмасини ташкил этиш лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.
Янги уюшмага «Агробанк» таъсисчилик қилади.
Қашқадарё вилоятида тери хом ашёсини қайта ишлаш ва чарм-пойабзал кластерини барпо этиш, аҳолини тухум ва парранда гўшти билан таъминлаш, «Ғузор текстиль импекс» МЧЖ томонидан енгил саноат мажмуаси ташкил этиш, лалми ерларда доривор ўсимликлар етиштириш ҳамда Миришкор туманидаги собиқ Баҳористон тумани ҳокимлиги ва нон комбинати биноларида калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам атрофлича муҳокама этилди.
Президент барча лойиҳаларни сифатли бажариш юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.
Изоҳ (0)