Ўзбекистон бокс федерациясига қарашли Uzbek Tigers жамоаси WSB турнирида учинчи бор иштирок этади.
Ўзининг дебют мавсумида ярим финалга қадар етиб борган ва Кубанинг Cuba Domadores клубидан енгилган ўзбекистонлик боксчилар йўлига иккинчи мавсумда ҳам айнан кубаликлар тўғаноқ бўлганди. Самарқанддаги амфитеатрда кечган чорак финал тўқнашувида Uzbek Tigers рақибини 3:2 ҳисобида таслим қилган, бироқ Кубада имконият бой берилганди — 0:5.
Энди кубаликлар Uzbek Tigers’га янада яқинроқ келди. Чемпионлик учун даъвогар бўлган бу жамоалар гуруҳ босқичининг ўзидаёқ тўқнаш келади. Мазкур зонадан, шунингдек, Колумбия ва Венесуэла жамоалари ҳам жой олган.
Тақвимга кўра, 10 февраль куни ўзбекистонлик боксчилар Кубада меҳмон бўлади. 27 февраль куни эса кубаликлар Тошкентда рингга чиқади. Орадан икки кун ўтиб, аниқроғи 1 март куни Ўзбекистон рингларига Колумбия боксчилари чиқиб келади.
Иккинчи давра жанглари санаси ҳозирча номаълум. Бокс федерациясининг «Дарё»га маълум қилишича, Венесуэла терма жамоаси барча — ҳар 10 та жангни ҳам Ўзбекистонда ўтказиш таклифи билан чиққан. Бу таклиф Uzbek Tigers’га ҳам маъқул келган. Айни пайтда жанг саналари борасида келишув давом этмоқда.
Бир йил аввал Ўзбекистон жамоаси ўз гуруҳида Россия, Қозоғистон ва Хитой билан беллашган бўлиб, ўз рингларидаги барча жангларда зафар қучишга эришганди.
Изоҳ (0)