Ўзбекистон Футбол Федерациясининг 25 январь куни бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов конференциясида Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари, «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси раҳбари Очилбой Раматов ташкилотнинг янги президенти этиб сайланди.

Фото: ЎзА

Очилбой Раматов мазкур лавозимда Умид Аҳмаджоновни алмаштирди. Тадбирда қатнашган «Дарё» мухбирининг маълум қилишича, Раматовнинг номзоди Тошкент шаҳар футбол федерацияси томонидан кўрсатилган. Сайловда Раматовдан бошқа номзод бўлмаган.

Раматов ташкилот раҳбари сифатида илк нутқида миллий футболда муаммолар кўплигини тан олиб, футболни энг қуйи поғоналардан бошлаб ривожлантириш зарурлиги, болалар футболига катта эътибор қаратиш кераклиги ҳақида гапирган.

Очилбой Раматов 1962 йил Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилган. 1988 йили Тошкент темирйўл муҳандислари институтини муҳандис-механик мутахассислиги бўйича тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1980 йил Урганч локомотив депосида машинист ёрдамчиси лавозимида бошлаган. Институтни тамомлагач, Тошкент тепловозларни таъмирлаш заводининг устаси, тепловоз цехи бошлиғи ўринбосари ва вагон таъмирлаш цехи бошлиғи бўлиб ишлаган.

1995 йил мартида «Ўзтемирйўлмаштаъмир» компания бош директори этиб тайинланган. 2001 йил майида «Ўзбекистон темир йўллари»нинг бош менежери — бош муҳандиси лавозимида иш бошлаган. 2002 йилдан буён «Ўзбекистон темир йўллари»нинг бошқарув раиси. 2016 йил декабридан Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари — Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплексининг раҳбари.

Очилбой Раматов 2000 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган саноат ишчиси» давлат унвони билан тақдирланган. 2007 йилда «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, 2011 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди, 2013 йилда эса «Ўзбекистон қаҳрамони» унвони берилди. Очилбой Раматов оилали, уч нафар қизи бор.