Тирноқларингиз соғлом ва чиройли бўлиши учун мунтазам равишда уларга мустаҳкамловчи лак суриш ва эговча билан тўғрилашнинг ўзи етарли эмас. Бутун организм каби тирноқлар ҳам озиқлантирувчи моддаларни талаб қилади.

Фото: Depositphotos

Биотин

Биотин сифатида танилган B7 витамини тирноқларни мустаҳкамловчи коллаген ҳосил бўлишига ёрдам беради. Бу витамин етишмаслиги оқибатида тирноқлар қуруқ ва мўрт бўлиб қолади. Биотин кўпчилик озиқ-овқатлар: лосос, авокадо, қўзиқорин, гулкарам, жигар ва сабзилар таркибида учрайди.

Рух

Рух тирноқларнинг ўсиши учун жуда муҳим — бу микроэлемент етишмаслиги оқибатида ўсиш секинлашади, тирноқлар эса мўрт бўлиб қолади. Ҳайвонлардан олинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари: қизил гўшт, калла-поча ва ичак-чавоқлар, балиқлар таркибида рух моддаси кўп. У яна бошоқлилар ва ёнғоқлар таркибида учрайди, лекин парҳезшунослар ўсимликлардан олинадиган озиқ-овқатлардаги рух моддаси организм томонидан ёмон сингдирилишига эътибор қаратишни тавсия қилади.

Темир

Темир моддаси тирноқлар пластинасининг шаклланиши ва унинг тузилишига жавоб беради: агар тирноқлар нотекис ўсаётган бўлса ва бунда ташқи шикастланишлар кузатилмаса, бу ҳолат одамда темир моддаси етишмаслигидан дарак беради.

Етишмовчиликни рационга ёғсиз қизил гўшт, курка гўшти, тухум, яшил баргли сабзавотлар ва дуккаклилар қўшиш орқали тўлдириш мумкин.

Олтингугурт

Олтигугурт тирноқларнинг мустаҳкамлиги учун жавоб берадиган систеин аминокислоталари таркибига киради. Лекин систеин миқдори генетик жиҳатдан белгиланган, тегишли равишда, тирноқ пластинасининг қалинлигига биринчи навбатда генлар жавоб беради.

Шунга қарамасдан организмда темир моддасининг етишмаслиги натижасида пластиналар юпқа ва мўрт бўлиб қолади, тери ва сочларнинг аҳволи ёмонлашади. Одатда олтингугуртнинг зарур миқдори кунлик мувофиқлаштирилган овқатлар билан бирга келиб тушади: инсон организми уни сут маҳсулотлари, тухум (айниқса бедананики), мол гўшти, балиқ ва ловиялар билан бирга қабул қилади.

Фосфолипидлар

Фосфолипидлар ва холестеринни кератин молекулаларини боғловчи «цемент» деб ҳам аташ мумкин. Шунинг учун таркибида етарлича бўлмаган миқдорда ёғлар иштирок этадиган парҳез — нафақат теридаги, балки тирноқлардаги муаммоларнинг ҳам манбаи ҳисобланади: улар анча уваланувчан ва қатламларга ажраладиган бўлиб қолади.

Фосфолипидлар асаб ҳужайралари таркибига киради, шунинг учун уларнинг етишмаслиги тез чарчаб қолиш, хотиранинг бузилиши билан кечиши мумкин. Фосфолипидлар ва холестеринга бой бўлган озиқ-овқатларга биринчи навбатда товуқ тухуми киради.

Манба: «Woman.ru»