Авитаминоз одам организмида битта ёки бир нечта витаминлар етишмаслиги ҳолатидир. Кўпинча авитаминоз тўғри овқатланмасликдан келиб чиқади ҳамда қиш бўйи чарчаган организм зарур витаминлар билан таъминланмаган ва қуёш нуридан етарлича баҳраманд бўла олмаган пайтда — баҳор бошида айниқса фаол намоён бўлади.
Авитаминоз гемоглабиннинг пасайишига, шунингдек терининг қуруқлашишига ва ёрилишга мойил бўлишига олиб келади.
Бундай пайтда қўл терисига алоҳида эътибор бериш лозим. Одатда аёллар юз терисини етарлича парваришлайди, аммо қўлга келганда, эринчоқлик қилади. Таъкидлаш жоиз, агар баҳорги авитаминозга қарши курашда қўлларга алоҳида диққат қаратилмаса, уларнинг териси қуриб, кўчиб, хунук кўринишга эга бўлиб қолади.
Қўл терисини парваришлашда асосий қурол — қўл кремидир. Бироқ уларнинг барчаси ҳам бирдек самарали бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун крем танлашда унинг таркибига аҳамият беринг: унда табиий моддалар қанчалик кўп бўлса, шунча яхши. Мутахассислар крем таркибида алоэ экстракти бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлайди.
Алоэ экстракти қўл териси ҳужайраларининг янгиланиш жараёнини тезлаштиради, шамоллаш ҳолатларини бартараф этади, намлантиради ва куйишдан ҳимоя қилади. Бундан ташқари, у турли витаминларга бойдир, чунончи, алоэдаги E витамини терини эластик ва таранг қилади, А витамини тери шўрланишининг олдини олиб, ҳужайралардаги моддалар алмашинувини нормаллаштиради, B гуруҳидаги витаминлар тери касалликлари пайдо бўлиши ва ажинлар юзага келишига йўл қўймайди, C витамини эса капилляр қон томирларини мустаҳкамлайди.
Тайёр крем ёрдамида қўлларни парваришлаш қийин эмас ва бу жуда кам вақт олади. Бироқ бунда баъзи қоидаларга риоя қилиш зарур:
- Кремни мунтазам равишда қўллаш жоиз. Уни ҳар куни камида икки марта — эрталаб ювиниб бўлгач ҳамда кечқурун ухлашдан олдин суриш лозим.
- Кремни қуруқ эмас, балки бироз нам қўлларга суриш тавсия этилади — шунда самара янада кўпроқ бўлади.
- Баъзи уй юмушларини бажаришдан аввал ҳам қўлга крем суриб олиш фойдалидир. Масалан, идишларни ювишда аввал қўлга крем қўйиб, сўнг резина қўлқоп кийиб олсангиз, бу жараён SPA процедурасига айланади.
Изоҳ (0)