Украина Олий радаси Донбасс реинтеграцияси ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди, деб ёзади BigmirNews. Унда Россия «агрессор» (босқинчи, тажовузкор) деб аталади. Тегишли қарорни 280 нафар Украина халқ депутатлари қўллаб-қувватлади, у қабул қилиниши учун аслида 226 та овоз кифоя.
Қонун Донбасснинг Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикаси томонидан назорат қилинадиган ҳудудларини «босиб олинган» деб эътироф этади ҳамда Россияни «тажовузкор мамлакат» ва «босқинчи» деб атайди. Шунингдек, «Россия агрессияси» деган атама белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, мамлакат шарқидаги низони ҳал қилиш учун Минск келишувларини амалга ошириш, ҳужжатга мувофиқ, бирламчи эмас. Киевда уларни БМТ Хавфсизлик кенгашининг Донбасс бўйича резолюцияси билан алмаштириш таклиф этилди.
Бундан ташқари, Украина президенти мамлакат суверенитетини таъминлаш учун уруш эълон қилмасдан туриб, ҳудудга қуролли кучларни киритиш ҳуқуқига эга.
Изоҳ (0)