Душанба куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловининг якуний натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар қилади «Газета.uz».
Тошкент шаҳар сайлов комиссияси раиси Ҳамид Каримов ташкил этилган барча 330 сайлов округидан депутатлар тўлиқ сайланганини маълум қилди.
Сайловда Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган 1 миллион 560 мингдан зиёд сайловчиларнинг 1 миллион 267 мингдан ортиқроғи иштирок этди. Бу сайловчилар умумий сонининг 81,2 фоизини ташкил этади.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 137, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан 54, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 49, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан 37, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 53 нафар фуқаро депутат этиб сайланди.
Сайланган 330 депутатнинг 254 нафарини эркаклар, 76 нафарини аёллар ташкил этади. 20 нафар депутат 30 ёшгача бўлган ёшлардир.
Депутатларнинг 87 нафари иқтисодчи, 34 нафари ҳуқуқшунос, 61 нафари педагог, 43 нафари шифокор, 55 нафари муҳандис ва 50 нафари бошқа касб эгаларидир.
Изоҳ (0)