Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ҳуқуқ тартибот органлари билан ҳамкорликда фуқаро Собир Ҳасановнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) Самарқанд вилоятидан ноқонуний равишда дори-дармон воситаларини вилоятга олиб келиб, сотаётгани аниқланди, деб хабар беради ЎзА.
Ўрганишлар давомида С.Ҳасанов Урганч туманидаги Мутавалли маҳалласидаги уйларнинг бирида ноқонуний савдо билан шуғулланаётгани маълум бўлди.
Хабарда қайд этилишича, уйнинг учта хонаси дори-дармон воситаларини сақлайдиган омборхонага айлантирилган.
Тезкор рейд давомида ушбу хонадонда 459 турдаги қарийб 570 миллион сўмлик кирим ҳужжати ва сифат сертификати бўлмаган дори-дармон воситалари мавжудлиги аниқланди.
Ўрганишлар 14 дори воситасининг яроқлилик муддати ўтганини кўрсатди.
«Сохта тадбиркорлик йўлини танлаган фуқаро ўз фаолияти юзасидан давлат рўйхатидан ўтмасдан, давлатга солиқ тўловларини тўлашдан бўйин товлашга ҳаракат қилган ҳамда бирор марта солиқ тўловларини амалга оширмаган», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)