Ўзбекистон парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси (Дававианазорат) Тошкент ва Киев ўртасида авиарейслар қайта тикланиши ҳақида ОАВда пайдо бўлган ахборотни «вақтидан илгари» деб атади.

Фото: «Газета.uz»

12 декабрда Дававианазоратда Ўзбекистон ва Украина ўртасида ҳаво қатнови соҳасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида икки давлат авиация маъмуриятларининг делегациялари ўртасида томонларнинг тайинланган авиакорҳоналари иштирокида музокаралар бўлиб ўтган.

Томонлар ўртасида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳамон мавжуд. Мазкур масалалар ҳал этилиши билан, томонлар Тошкент ва Киев ўртасида парвозлар амалга оширилиши бўйича музокаралар олиб боради, дейилади Дававианазорат ахборотида.

Инспекциядан маълум қилишларича, ҳозирги вақтда авиақатновлар амалга оширилишининг аниқ муддатлари тасдиқланмаган.

«Газета.uz»нинг ёдга солишича, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси «Тошкент — Киев — Тошкент» йўналиши бўйлаб парвозларни 2015 йил майида тўхтатган, ўша йилнинг сентябрида Украина пойтахтидаги офисини ёпган.