Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида 5 декабрь куни мамлакатга хорижий инвестицияларни тўғридан-тўғри жалб қилишга бағишланган FDIUZ халқаро бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан RB Partners (Россия) ва Globalscope (Буюк Британия) халқаро ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир мамлакатга хорижий сармояларни жалб қилишга оид халқаро тажрибаларни ўрганиш, бизнес-жамоатчилиги вакилларининг тармоқлараро ҳамкорлигини ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалар муҳокамасига бағишланди.
Тадбирда вазирлик ва идоралар, инвестиция, иқтисодиёт ва ҳуқуқ соҳасидаги етакчи хорижий ва маҳаллий мутахассислар, илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди. Унда мамлакатга сармоядорларни жалб қилишнинг илғор воситалари ва имкониятлари, иқтисодиётни либераллаштиришнинг истиқболдаги устувор йўналишлари каби муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Globalscope International M&A Association халқаро молия уюшмаси, Strategy Partners Group, RB Partners Group & Globalscope, Islamic Corporation for the Development of Private Sector каби халқаро компания раҳбарларининг давлат корхоналарига инвестиция киритишни рағбатлантириш, давлат-хусусий шериклик механизми, сармоядорларни жалб қилишда стратегик ёндашувни ишлаб чиқиш масалаларига бағишланган маърузалари тингланди.
Анжуман иштирокчилари чел эл инвесторлари ва халқаро молия институтларини Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция муҳити ҳақида хабардор қилишни ташкил этиш, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш борасидаги ишлар жадал тус олганини алоҳида қайд этди.
Изоҳ (0)