Андижон вилоятининг Олтинкўл тумани Оқтепа қишлоғида замонавий деҳқон бозори қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Лойиҳа қиймати 2 миллиард 350 миллион сўм бўлган ушбу мажмуа Президентнинг 27 мартдаги «2017–2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори асосида Global Invest Premium МЧЖ томонидан барпо этилди.
Бозор нафақат Олтинкўл, балки қўшни Шаҳрихон ва Балиқчи туманлари аҳолиси учун ҳам катта қулайлик яратди. Жами 126 савдо растасига эга бозорда барча турдаги маҳсулотлар савдосини йўлга қўйиш, харидорларга сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида ойнаванд павильонлар барпо этилди, кондиционерлар ўрнатилди. Шунингдек, автомобиллар учун тўхташ жойи, хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди. 130 га яқин доимий иш ўрни яратилди.
Бозор очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)