Бухорода бемордан жарроҳлик амалиёти учун 4 миллион сўм талаб қилган шифокор қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ маълум қилди.
Айтилишича, Қашқадарё вилояти Касби туманида яшовчи Эркин Тўхтаев соғлигини тиклаш учун Бухоро вилоятидаги Онкология диспансерига мурожаат қилган. Унга шифокорлар томонидан жиддий ташхис қўйилгандан кейин жарроҳлик амалиёти орқали касалликни бартараф этиш мумкинлиги тушунтирилган. Тўхтаев жарроҳлик амалиётига рози бўлганида, шифохона жарроҳи Умиджон Мамедов ундан амалиёт ўтказиш учун 4 миллион сўм талаб қилган.
Шифокорнинг ушбу талабидан норози бўлган Эркин Тўхтаев ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган тезкор тадбир давомида Умиджон Мамедов хизмат хонасида миллион сўм олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 214-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)