Ўзбекистон Олий Лигасининг 29-туридан жой олган «Бунёдкор» — «Бухоро» ўйини 1 дақиқалик сукут билан бошланди.
14 йил профессионал футболда тўп сурган ва «Бунёдкор»да мураббий бўлиб ишлаётган Акмал Рисқуллаев оламдан ўтди
11 ноябрь куни «Бунёдкор» академиясида фаолият олиб борадиган мураббий Акмал Рисқуллаев оламдан ўтгани хабар қилинганди. Собиқ футболчи 2002 йилда туғилган болаларга футбол сир-асрорларини ўргатиб келаётганди.Олий Лиганинг 29-тури олдидан айнан Акмал Рисқуллаев хотираси ёдга олиб ўтилди. Шу куни «Бунёдкор» клуби раҳбарияти ташкилий масалада қолганларга ўрнак бўлди, деб ёзди «Offside.uz». «Бунёдкор» ва «Бухоро» жамоалари майдонга Акмал Рисқуллаев суратлари туширилган футболкаларда чиқиб келди. Шунингдек, Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар ҳам хотира футболкаларини кийиб олганди.
Эрматов ўз ҳуштаги билан стадионни 1 дақиқалик сукутга чорлади. Кейин футболчилар ўзлари етаклаб чиққан ёш футболчиларга эгниларидаги футболкаларни кийдириб қўйишди. Улар айнан Рисқуллаев қўл остида футбол билан шуғулланиб келаётган болакайлар эди.
Акмал Рисқуллаев жамоаси шу йил Жанубий Кореяда ўтказилган халқаро турнирда иштирок этиб, 1-ўринни қўлга киритган бўлса, мураббий ўлимидан бирозгина олдинроқ, «Бунёдкор» тарбияланувчилари Қозоғистондаги халқаро турнирда чемпион бўлганди. Айнан ўша кубок «Бунёдкор» стадионида ёш футболчиларга тантана билан топширилди.
Бироқ шу куни ғолиб болалар юзида қувонч эмас, кўзларида ёш бор эди, деб ёзди нашр журналисти. Бу эса мураббий шогирдларининг қалбидан чуқур жой олганини кўрсатиб турганди. Кубокни ёш футболчиларга Акмал Рисқуллаевнинг фарзандлари топширгани эса, нафақат стадионни, балки футболчи ва ҳакамлар кўзини ҳам ёшлагани бор гап.
Изоҳ (0)