Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасининг 29-туридан кейин барча масала ҳал бўлди. Сўнгги — 30-тур амалда деярли ҳеч нарсани белгилаб бермайди.
Самарқандда 5 та гол урган «Локомотив» клуби қаторасига иккинчи бор Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди
«Локомотив» қаторасига иккинчи бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритган бўлса, «Пахтакор» дарвозасига жавобсиз 4 та гол урган «Насаф»нинг вице-чемпион экани ойдинлашиб бўлди. Келаси мавсум «Локо» Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичида, Қарши клуби эса саралашида ўйнайди. Яна битта йўлланма эгаси 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Кубогининг финалидан кейин аниқ бўлади.«Насаф» Қаршида «Пахтакор»ни йирик ҳисобда енгиб, Чемпионлар Лигасига йўл олди. Тошкент гранди аросатда қолди
ПФЛ Олий Лига жамоалари сонини 2018 йилги мавсумдан бошлаб 12 та қолдириш ҳақидаги қарорини эълон қилгач, Тошкентнинг «Обод», Ғузорнинг «Шўртан» ва Фарғонанинг «Нефтчи» клублари қуйи лигага тушиб кетганди. Аммо кейинроқ ташкилот бош директори Омон Ғофуров Спорт-ТВ каналида чиқиш қилиб, «Нефтчи» расман элита билан хайрлашмаганини, барча масала лицензиялашдан кейин ҳал бўлишини айтди.Шундан келиб чиқилса, Олий Лигани ким тарк этгани борасида аниқ ахборот беришнинг ўзи абсурд бўлиб қолди. Аниқ томони, «Обод» ПФЛ томонидан лигадан четлаштирилган, ФИФА эса «Шўртан»ни ҳам четлаштиришни сўраб, ЎФФга хат ёзган.
ПФЛнинг 11-ўриндан пастда жойлашган клублар Биринчи Лигага равона бўлади, деган баёнотидан келиб чиқилганда эса, юқоридаги клубларга қўшилиб, Жиззахнинг «Сўғдиёна» ва Самарқанднинг «Динамо» клублари ҳам элитани тарк этди. Мазкур турда Навоийнинг «Қизилқум» жамоаси ҳам зафар қучгани инобатга олинса, бу икки клубда 12-ўриндан юқорига кўтарилиб олишнинг назарий имконияти қолмади.
Ваҳоланки, «Сўғдиёна» 29-турда ўз иродасини икки карра намойиш қилганди. Шквирин шогирдлари ҳисобда ортда бора туриб, ғалаба қозонишди. Улар биринчи голни бир киши кам бўлиб, иккинчи голни икки киши кам бўлиб киритди.
Самарқанднинг «Динамо» клуби эса ўз уйида «Локомотив»га чемпионлик тўнини кийдирди ва йирик мағлубият қабул қилиб олди. Энди улар биладики, чемпионатдаги ўрин ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Барча масала лицензиялашдан сўнг маълум бўлади.
Ўзбекистон Олий Лигаси 29-тур беллашувлари 19 ноябрь, якшанба
Изоҳ (0)