Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Марказий Осиё мамлакатлари минтақани муваффақиятли ривожлантириш учун бирга бўлиши лозимлигини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда TengriNews хабар бермоқда.
Остона клубининг учинчи йиғилишида Британия халқаро хавфсизликни тадқиқ этиш гуруҳи директори Рафаэлло Пантуччи президентга минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатларни қандай яхшилаш мумкинлиги ҳақидаги савол билан мурожаат этди.
«Мустақил давлатларга айланганимизда мен Марказий Осиё иқтисодий иттифоқини яратишни таклиф қилдим. У яратилди, бир муддат ишлади, кейин эса мустақилликка эришган ҳар бир давлат ўз лойиҳасини ўзи охирига етказишни истади ва ҳамманинг ўз фикри бўлди. Кимдир Совет Иттифоқи давридаги сиёсий даражада қолди, кимдир янада чуқурлашди, учинчисида протекционизм бўлди, тўртинчисида либерал иқтисодиёт бўлди. Бу хилма-хиллик бизга ғояни охирига етказиш имконини бермади», — жавоб берди Назарбоев.
«Ўйлайманки, чорак аср ўтганидан сўнг барча тушундики, биз, умумий тарих, дин ва менталитетга эга давлатлар бирга бўлишимиз, бир-биримизга ёрдам беришимиз ва минтақа хавфсизлигини таъминлашимиз керак», — қўшимча қилди Қозоғистон раҳбари.
Назарбоев, шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган ўзгаришларни қайд этиб ўтди:
«Шу нуқтаи назардан шахсан мен Ўзбекистон иқтисодиётида туб ўзгаришлар бўлаётганини диққат билан кузатмоқдаман. Бор-йўғи бир йил ичида давлатларимиз орасидаги чегаралар очилди. Савдо 30 фоизга ўсди, алмашув бўлиб ўтди, қўшма корхоналар ташкил этилмоқда, одамлар бир-бирини йўқлаб келмоқда, маданий алмашув давом этмоқда. Мен бундай ишни катта қувонч билан кузатаман ва қўллаб-қувватлайман. Имкон бор ерда ёрдам беряпмиз. Тожикистон ва Туркманистонда ҳам шундай бўляпти».
Изоҳ (0)