Раҳматжон Рўзиоҳунов мураббийлигида Санкт-Петербург шаҳридаги халқаро турнирда иштирок этган уч ўзбекистонлик боксчининг барчаси финалга қадар етиб борди. Бу ҳақда «Оламспорт» нашри хабар берди.
Исроил Мадримов -75 килограмм вазн тоифасида барча рақибларини таслим қилиб, якунда олтин медални қўлга киритди. Кейинроқ у вазн тоифасидан қатъий назар, турнирнинг энг яхши чарм қўлқоп устаси, деб топилди.
Мадримовдан ташқари, -60 килограмм вазн тоифасидаги жангларда иштирок этган Шунқор Абдурасулов ҳам рақибларига имконият қолдирмади ва олтин медални қўлга киритди. Шу тариқа Шунқор ўз вазн тоифасида исталган вақт Ўзбекистон номидан катта турнирларда иштирок этишга муносиб эканини кўрсатди.
Яқинда Гамбургда бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионатининг -91 килограмм вазн тоифасида совриндор бўлган Санжар Турсунов Россиядаги турнирда финалга қадар борди. Бироқ ҳал қилувчи жангда мағлуб бўлиб, кумуш медаль билан чекланди.
Ўзбекистонлик ҳар учала боксчи финалда россиялик спортчига қарши рингга чиқди. Улар бугун — 13 ноябрь куни Тошкентга қайтиб келади.
Изоҳ (0)