Пойтахтнинг Чилонзор тумани ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари катта миқдордаги маблағни талончилик йўли билан ўғирлаган жиноий гуруҳни қўлга олди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар бермоқда.
Хабарномада айтилишича, 18 октябрь куни соат 8:00–19:00 да номаълум шахс Чилонзор тумани ҳудудида фуқаро Собирова Гулнора Маъмуровнанинг хонадонига эшикни бузиб кириб, унга тегишли 17 миллион сўм пул ва баҳоси 4 миллион сўм бўлган LG русумли телевизорини ўғирлади.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми «г» банди (ўғрилик, яъни уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган эди.
Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида жиноятни муқаддам судланган Ғуломов Дилшод Зуҳриддинович, Усманов Илфат Демуршахович ва Тепленская Юлия Юревналар содир этгани аниқланди.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.
Изоҳ (0)