Хитой Супер Лигасида 2017 йилги мавсум якунига етгач, «Бейдзинг Гуоан» футболчиси Егор Кримец ортга қайтишга қарор қилди. Бу ҳақда «Championat.asia» нашри маълумот берди.
«Бейдзинг Гоуан» мавсумни 9-ўринда якунлади. Самвел Бабаян мураббийлик вақтида Кримец Ўзбекистон миллий термасининг асосий футболчиси ҳисобланган бўлса-да, Хитой клуби уни 2017 йилги мавсум давомида бор-йўғи 5 та учрашувда майдонга туширди. Аввалроқ Бабаян Кримец Хитой Ёшлар Лигасида ўйнаётгани ҳақида айтиб ўтганди.
Кримец пекинликлар шарафини роппа-роса 2 йил ҳимоя қилди. У ўзининг биринчи мавсумида 28 та ўйин ўтказишга муваффақ бўлганди. Жамоаси билан хайрлашган футболчини клуб вакиллари ва мухлислари аэропортга қадар кузатиб қўйди.
«Championat.asia» маълумотига кўра, Кримец ўзининг собиқ жамоаси «Пахтакор» сафига қайтади. У навбатдаги мавсумдан эътиборан тошкентликлар сафини тўлдиради.
Изоҳ (0)