Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги чет элда ишлаётган ва ватанга қайтишни ният қилган юқори малакали мутахассисларни Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТ йўналиши фанларига ихтисослашган мактаб саъй-ҳаракатларига қўшилишга чақирди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Расмий баёнотга кўра, вазирлик томонидан PhD даражаси соҳиблари, тажрибали менежерлар, илмий ноширлар ва таълим соҳасининг бошқа экспертлари учун барча шароитлар яратилиши эълон қилинди.
Таълим бериш, тадқиқотлар юритиш ҳамда АКТ соҳаси муассасаларидаги ислоҳот жараёнларини бошқариш билан мамлакат ривожига ҳисса қўшишни истаган ватандошларга юқори маош, тадқиқот лойиҳаларининг молиялаштирилиши, махсус ипотека дастурлари ва фаолият самарадорлигига қараб бошқа бонуслар таклиф этилмоқда.
Экспертлар ва ўқитувчилар учун махсус дастурга қизиувчилар ўз резюмесини «HR@mitc.uz» манзилига юбориши мумкин.