Ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионатининг саралашидан жой олган Ироқ — Қатар ўйинида қизиқарли ҳолат юз берди. Беллашувни ўзбекистонлик ФИФА рефериси Азиз Асимов бошқариб борганди.
Ўйин 1:1 ҳисобида якунига етганди. Бунга қадар Ироқ ҳам, Қатар ҳам Ливан устидан 2:0 ҳисобида зафар қучганди. Гуруҳ ғолибини аниқлаш учун, Асимов пенальтилар сериясига мурожаат қилди. Унда Қатар 3:2 ҳисобида ютиб, етакчига айланди.
Аниқ томони, Қатар термасининг асли ярим ҳимоячи бўлган аъзоси пенальтилар сериясида жамоасини қутқариб қолган. Серия давомида дарвозасини ишончли қўриқлаётган қатарлик посбон Шеҳаб Мамдуҳ пенальтидан берилган зарбани қайтарган бўлса-да, у дарвоза чизиғини эрта тарк этган. Soccer Bloger’нинг изоҳ беришича, Асимов 2016 йилдан буён амалда бўлган қоидага асосан дарвозабонга иккинчи огоҳлантиришни кўрсатиб, уни майдондан четлатган. Шунингдек, ҳакам пенальтини қайтадан амалга ошириш ҳақида кўрсатма берган.
Натижада дарвозани жамоа сардори Носир Абдулсалом Ал-Аҳрак эгаллашига тўғри келди. Ярим ҳимоячи бўлишига қарамай, сардор ҳам дарвозабонликни яхши уддалади ва ироқлик футболчининг зарбасини қайтариб, Қатар ғалабасини таъминлади.
МйТубе орқали футболчи пенальтини қандай қайтарганини кўриш мумкин. Мана бу ҳаволада эса Асимов Қатар дарвозабонини жазолаб, мезбонлар қувончини бироз кечиктиргани яққолроқ акс этган.
Яқиндагина ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов Қатар футболи бошчиси билан меморандум имзолаб қайтганди. Шундан кейин Қатарнинг юқоридаги жамоаси Ўзбекистон ёшларига қарши ўртоқлик ўйини ўтказган бўлиб, беллашув ўзбекистонлик футболчиларнинг 4:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етганди.
Изоҳ (0)