Вазирлар Маҳкамасининг 7 ноябрдаги қарори билан чет эллик туристларнинг Ўзбекистонга кириши ва бўлиб туриши тартибини осонлаштириш юзасидан қатор ҳукумат қарорларига ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда UzNews хабар бермоқда.
Ҳужжатга кўра, чет эл фуқароларининг фактик ҳисобдан ўтганини текшириш энди ички ишлар органлари томонидан электрон автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Туристик операторлар томонидан тақдим этилган туристларнинг электрон рўйхатлари (паспорт маълумотлари, ҳаракат йўналишлари схемалари, тўхташ жойлари билан бирга) вақтинчалик пропискага тенглаштирилади. Бунда сафарлар:
- гид ёки кузатувчи ҳамроҳлигида ўтадиган, туроператор томонидан аҳоли яшаш пунктлари ташқарисида ташкил этилган турлар доирасида (агар унинг муддати ўн суткадан ошмаса);
- чет элликлар томонидан шахсий автомобилда, мотоциклда, велосипедда, пиёда ёки гуруҳ таркибида автобусда туроператордан харид қилинган автотур доирасида амалга оширилиши лозим.
Агар чет эл фуқароси ёки фуқаролиги йўқ шахс Ўзбекистонга туристик визасида кўрсатилган муддатдан олдинроқ келса, у ТИВнинг давлат чегарасидан ўтказиш пунктидаги консуллик бюросига мурожаат қилиб, визасига тегишли ўзгартиришни киритиши мумкин.
Эндиликда жойлашув воситалари қаторига тунаш жойи шаклида қайта жиҳозланган ер усти транспорти ҳам киритилади. Бундай бошпанада яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслар умумий тартибда бу ҳақда қабул қилувчи ташкилотларни ёки уларни таклиф қилган шахсларни огоҳлантириши керак.
Бундай шаклдаги жойлашув учун ҳар кун учун ЭКИҲнинг 10 фоизи миқдорида туристик йиғим ундирилади.
Изоҳ (0)