Футбол статистикасидаги чиқишлари билан машҳур бўлган OptaJose нашри кучли бешлик миллий чемпионатларида рақибларини энг кўп алдаб ўтаётган футболчилар рейтингини эълон қилди. Бунда 2017—2018 йилги мавсумнинг ортда қолган 12 та тури сарҳисоб қилинган.
«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси ТОП-5 чемпионатларида энг жозибадор футболчи бўлиб турибди, дейилади хабарда. У ҳозирга қадар 113 нафар рақибини муваффақиятли алдаб ўтишга эришган. Статистикага кўра, Месси рақибини алдашга ҳаракат қилган вазиятларининг 60 фоизида мақсадига эришган. 40 фоизида эса финти ўхшамаган.
Статистика кўрсатиб турибдики, Месси ҳужумчилар севадиган ҳаракатни ҳаммадан кўпроқ амалга оширмоқда. «Барселона»да футболчига шундай имконият берилган.
Мессидан «қочиб», «ПСЖ»га йўл олган Неймар эса рақибларини 96 бор алдаб ўтишга эришди. Унинг ўртача статистикаси Мессидан яхшироқ. Яъни, Неймар рақибини алдашга уринган вазиятларнинг 63 фоизи муваффақиятли бўлган.
Фойдали иш ҳажми бўйича «Лион» футболчиси Набиль Фекирга етиш қийин. Мазкур ҳужумчи 72 фоиз уринишларини самарали якунлай олди. Яқиндагина у ўз голини Месси услубида нишонлашга ҳаракат қилиб, фанатларнинг стадионга ёпирилишига сабабчи бўлиб қолганди.
Изоҳ (0)