Франциянинг Лион шаҳрида бўлиб турган ўзбекистонлик жанги Анвар Бойназаров кеча — 27 октябрь куни Фабио Пинча билан жанги олдидан тарозига чиқди. Бу ҳақда «Оламспорт» нашри хабар берди.
Бугун — 28 октябрь куни K-1 йўналишида муваффақиятли одимлаётган Анвар Бойназаров Glory лигасининг машҳур вакилларидан бири бўлган Фабио Пинча билан жанг қилади. Бунгача улар белгиланган вазн меъёрини бажариб бўлди.
Аралаш жанглар санъатида энг юқори лига UFC ҳисобланса, муайтайчилар учун Glory мана шундай аҳамият касб этади. K-1 яккакурашларнинг бир қатор турлари, жумладан, тайбокс, кикбокс, таэквондо кабиларнинг умумлашмасидан ташкил топган спорт туридир. Glory эса мавқе жиҳатидан барча турнирларни ортда қолдиради. Унда гонорар миқдори ҳам қолган мусобақалардан анча катта бўлади.
Анвар Бойназаровнинг кўрсаткичи — 90-22-2 КО 52. Яъни, у ортда қолган 114 та жангининг 90 тасида рақибларидан устун келган. 22 тасида мағлуб бўлган ва 2 бор дуранг қайд этган. Ғалаба билан якунига етган 90 та жангининг 52 тасини муддатидан аввал эришилган нокаут билан тугатган.
Изоҳ (0)