Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси делегацияси Туркия Истеъмолчилар ҳуқуқлари ассоциацияси таклифига биноан ушбу мамлакатда бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва Туркия Истеъмолчилар ҳуқуқлари ассоциацияси вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақида маълумот тақдим этилди, ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Тадбирда Туркия Истеъмолчилар ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Т. Чакар ассоциация фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж. Саримсоқов нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, 2014 йилда қабул қилинган «Ижтимоий ҳамкорлик тўғрисида»ги қонун давлат идоралари билан нодавлат ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни тартибга солувчи ҳуқуқий база бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Музокара якунида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжатда қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш, тажриба алмашиш мақсадида экспертлар ва делегациялар алмашиш, қўшма ишчи гуруҳи, мувофиқлаштириш ва маслаҳат кенгашлари тузиш, симпозиум ва семинарлар ўтказиш ва бошқа масалалар кўзда тутилган.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари, шунингдек, Туркия Истеъмолчилар ҳуқуқлари ассоциациясининг Анқара ва Истанбул шаҳарларидаги бўлинмалари фаолияти билан танишди.
Изоҳ (0)