16 октябрь куни Вашингтон шаҳрида Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлилий маркази ва АҚШ ташқи сиёсат кенгаши ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти (CACI) ўртасидаги ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Институт Вашингтоннинг Марказий Осиё бўйича асосий ақлий маркази ҳисобланади. CACI раҳбарлари — тузилма раиси, профессор Фредерик Старр ва директор Сванте Корнелл.
Ўзбекистон томонидан ҳужжатни марказ директори Элдор Арипов имзолади.
Меморандум устувор йўналишлар бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш, халқаро ривожланиш ва минтақавий хавфсизликнинг долзарб масалалари бўйича халқаро илмий-амалий анжуманлар ва давра суҳбатлари ўтказиш имконини беради.
Бундан ташқари, учрашувнинг амалий натижаси ўлароқ марказ ходимларининг мақолалари АҚШнинг нуфузли CACI Analyst онлайн нашрида чоп этилиши бўлди. Хусусан, расмий Тошкентнинг Марказий Осиё йўналишидаги дипломатик ютуқларига бағишланган «Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги доктринаси» мавзуидаги мақола америкалик ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Изоҳ (0)