Шимолий Корея хакерлари Жануб ва АҚШга оид кўп миқдордаги ҳарбий ҳужжатларни ўғирлашга эришди. Улар орасида икки мамлакатнинг ҳарбий даврга мўлжалланган оператив режаси ҳам бор. Бу ҳақда Корея демократик партияси депутати Ри Чеол Хи Yonhap агентлигига маълум қилди.
Ҳужум ўтган йил сентябрида амалга оширилган эди. Defense Integrated Data Center’га (мудофаа ахборотини сақлаш бўйича бирлашган марказ) уюштирилган ҳужум оқибатида 5015 ва 3100 оператив режалари ўғирланган.
АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбийлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ва тасдиқланган биринчи ҳужжатда КХДР билан кенг миқёсли уруш бошланган тақдирда амалга киражак ҳаракатлар режаси акс этган. Шунингдек, унда Шимолий Корея раҳбариятини йўқ қилиш ҳақида банд бор. Иккинчи ҳужжатда Сеулнинг Пхеньян томонидан амалга оширилган локал провокацияларга жавоби ҳақида сўз боради.
Ри Чеол Хи жами 235 гигабайт ҳажмидаги ҳужжатлар ўғирланганини билдириб ўтди.