Саратон касаллигига қарши барча самарали, замонавий даво муолажалари Самарқандда амалга оширилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Бунга эришишда Президентнинг жорий йил 4 апрелдаги «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим дастуриламал бўлди, деб таъкидланади материалда.
Мазкур қарорга кўра, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилди. Жойлардаги онкология диспансерлари, жумладан, Самарқанддаги муассаса ҳам ушбу марказ филиалига айлантирилди. Тиббиёт маркази ва унинг филиаллари энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланмоқда. Қўшимча штатлар ажратилди ҳамда шифокор мутахассислар жаҳоннинг етакчи тиббиёт марказларида малака ошириши ва тажриба алмашиши йўлга қўйилмоқда.
Бундан ташқари, нафақат пойтахт, балки вилоятларда ҳам аҳолига юқори сифатли, замон талабларига тўла жавоб берадиган тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида ихтисослашган тиббиёт марказлари мутахассислари вилоятлардаги муассасаларга раҳбар этиб тайинланди.
«Ана шундай юксак ишонч туфайли қарийб бир ойдан буён Самарқандда фаолият кўрсатмоқдаман. Шу пайтгача Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи сифатида ишлаганимда Самарқанддаги диспансер ҳақида айрим маълумотларга эга эдим. Бугун ушбу муассасада иш бошлаб, беморлар ва уларнинг яқинлари билан суҳбатлашиб, бевосита аҳоли билан учрашиб шунга амин бўлдимки, малакали тиббий хизматни биринчи навбатда қуйи тизимда ташкил этишимиз зарур экан», — дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Миржалол Жўраев.
Изоҳ (0)