Туркманистон пойтахти Ашхобод мезбонлик қилган усти ёпиқ иншоотлардаги Осиё Ўйинларида Ўзбекистон делегацияси умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади.
Ўзбекистонлик спортчилар медаллар сони бўйича мезбон Туркманистондан кейин иккинчи бўлди — 131 та. Шуларнинг 24 таси олтин бўлса, 33 таси кумуш ва 74 таси бронза бўлди. Аммо 24 та олтин ҳам Ўзбекистон делегациясига кучли тўртликка кириш имконини бермади.
Қозоғистон термаси 28 та олтин жамғариб, умумжамоа ҳисобида тўртинчи бўлди. Ўзи иштирок этган Олимпиадалар давомида бирорта ҳам медаль ола билмаган Туркманистон ўз уйида ўтган Осиё Ўйинларида яқинига ҳеч кимни йўлатмади ва яққол фарқ билан ўзиб кетди. Хитой ва Эрон делегациялари кучли учликни якунлади.
Ўзбекистон термаси Бокуда ўтган Ислом Бирдамлиги Ўйинларида 15 та олтин, 17 та кумуш ва 31 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида Озарбайжон, Туркия ва Эрондан кейин тўртинчи бўлган, Туркманистон ва Қозоғистон делегациялари 2 тадан олтин билан ўнликка кира олмаганди.
Изоҳ (0)