Хоразмдаги Маъмун академиясида квант информатикаси бўйича Осиё–Тинч океани конференцияси (APCWQIS 2017) бўлиб ўтмоқда. Тадбир физиканинг янги йўналиши — квант информатикаси ҳамда унинг асосида ахборот технологияларини ривожлантириш масалаларига бағишланган, деб хабар беради «Жаҳон» ахборот агентлиги.
Конференция Тошкентдаги Турин политехника университети томонидан Урганч давлат университети ҳамда Ўзбекистон физика жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилган. У 28 сентябрь куни иш бошлади.
Конференциянинг мавзувий йўналишлари квант телепортацияси, квант криптографияси, квант тармоқлари ва квант алоқалари, квант ҳисоб-китоблари, шунингдек, Майорана фермионалари ва уларнинг квант компьютерларида қўлланиши сингари йўналишларни қамраб олади.
Тадбирда жаҳон миқёсидаги етакчи мутахассислар иштирок этмоқда.
Изоҳ (0)