Австралиянинг Квинсленд штати, Рокгемптон шаҳри яқинидаги Фицрой дарёси яқинида 5,2 метрлик тимсоҳнинг танаси топилди. Бу ҳақда 22 сентябрь куни ABC News хабар қилди.
Улкан судралувчи бошидан ўқ еб ўлгани аниқланди. Полиция жасадни ёриб кўриш натижасида қотилни топишга ёрдам берадиган қўшимча маълумотга эга бўлишга умид қилмоқда.
Австралия қонунлари тимсоҳларни ўлдиришни қатъиян тақиқлайди. Беш метрдан ортиқ узунликка эга жониворнинг ўлдирилиши айниқса қаттиқ жазоланади. Қонунбузар 28 минг Австралия доллари миқдорида жаримага тортилиши ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Квинсленд атроф муҳитни ҳимоя қилиш вазирлиги маҳаллий аҳоли вакилларини энди қолган тимсоҳлар ўзларини тажовузкор тутишидан огоҳлантирди.
«Аниқ тушуниш керакки, жониворнинг ҳалокати Фицрой тимсоҳлари популяциясидаги мувозанатни бузиб юборди, — тушунтирди биохилма-хиллик бўйича директор Майкл Жойс. — Ёш эркак тимсоҳлар тажовузкорлиги ошишини кутмоқдамиз. Бу энди улар бўшаган етакчи ўрни учун курашиши билан боғлиқ».
Изоҳ (0)