Ўзбекистон томонининг таклифига биноан Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев бошчилигидаги Россия делегацияси Тошкентга ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ташриф доирасида 20 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Россия Хавфсизлик кенгашлари аппаратлари ўртасида навбатдаги маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва божхона органлари, фавқулодда вазиятлар вазирликлари ўртасидаги ўзаро алоқалар, шунингдек, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини кўриб чиқди. Минтақавий ва халқаро хавфсизликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар жорий йилнинг 4–5 апрель кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи доирасида эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Ташриф доирасида Россия делегациясининг Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар билан танишиши, шунингдек, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириб, унинг қабрига гул қўйиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)