Украиналик ва грузиялик сиёсатчи, Одесса вилоятининг собиқ губернатори Михаил Саакашвили мамлакатда ислоҳотлар ўтказиш дастури доирасида президент Пётр Порошенконинг импичментига ҳам эришмоқчи. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар қилди.
Саакашвили 19 сентябрь куни президент маъмурияти биноси олдида уюштирган брифингида тайёрланаётган норозилик акциялари чоғида илгари суриладиган асосий талаблардан бири айнан Порошенкони лавозимдан четлаштириш ташаббуси бўлишини таъкидлаб ўтди.
Унинг сўзларига қараганда, бунинг учун президент импичменти бўйича янги қонун қабул қилиш лозим. Шунингдек, Саакашвили аксилкоррупцион судлар ташкил этиш ҳамда депутат дахлсизлигини бекор қилиш ташаббусларини қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда.
«Улар жуда заиф. Менга ‘бизда диктатура ҳукмрон’ дейишса, кулгим келади: қанақа диктатура? Улар олибсотарлар, улар биз билан ўйнамоқда, бизнинг пассивлигимиздан фойдаланмоқда, аммо бунинг охири келди. Мақсадимиз битта — мен билан бўлган нарсалар инстинктларимни янада ўткирлаштириб юборди, уларга, ҳаммасига ўрнини кўрсатиб қўйиш керак», — деди мухолиф сиёсатчи.
«Акс ҳолда улар бизни четга сиқиб қўяди, — сўзида давом этди Саакашвили. — Уларга ўрнини кўрсатиб қўйиш керак, мамлакат қонун устувор бўлишини таъминлаш, президент импичменти, депутатларни чақириб олиш, дахлсизликни бекор қилиш тўғрисида қонунлар бўлиши лозим, биз уларнинг нишонида эмас, улар бизнинг нишонимизда ва халқ назорати остида бўлиши лозим. Бу менинг мақсадим. Украинада фақат битта мақсадим бор. Бу ерда ҳеч қандай лавозимлар хоҳламайман. Фақат битта мақсад — барчага ўрнин кўрсатиш ва халқни кўтариш».
Изоҳ (0)