18 сентябрь куни Покистон қуролли кучлари штаблар бошлиқларининг бирлашган қўмитаси раиси генерал Зубайр Маҳмуд Ҳаёт бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ташриф доирасида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов генерал Зубайр Маҳмуд Ҳаётни қабул қилди. Шунингдек, мамлакат мудофаа вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов меҳмонлар билан учрашди.
Музокараларда минтақавий хавфсизлик ва икки томонлама ҳарбий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Покистон делегацияси раҳбари Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтига ташриф буюрди ва институт фаолияти билан танишди.
Ташриф дастурида Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари билан танишиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш ва қабрига гул қўйиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)