Тожикистон дин ишлари қўмитаси Уламолар кенгаши ва Исломшунослик маркази билан ҳамкорликда мотам маросимлари ўтказилиш тартибини белгилади. Бу борадаги низом Душанбеда ярим миллион адад билан чоп этилди, деб хабар беради Asia-Plus.
Саккиз бўлимдан иборат брошюрага кўра, мотам маросимлари ҳанафийлик мазҳаби тартибларига, шунингдек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ ўтиши лозим.
Кейинги саҳифаларда марҳумнинг қариндошлари гўрков хизматлари учун фақат жойлардаги ваколатли шахслар олдида ҳақ тўлаши белгиланган.
Учинчи бўлимда марҳумнинг танасини ювиш ҳамда дафнга тайёрлаш тартиби кўрсатилган.
Янги қоидаларга мувофиқ, мотам чоғида йиғлашга рухсат этилади, аммо баланд овозда бақириш, фиғон солиш, бошга қум сепиш, сочларни юлиш, бетни тирнаш, шунингдек, махсус йиғловчи аёлларни буюртма қилиш тақиқланади.
Тунги пайтда марҳумнинг уйида фақат болалари ва қариндошлари қолиши мумкин.
Марҳумнинг яқин қариндошларига уч кун мобайнида мотамда бўлиш рухсат этилди. Бундан ташқари, низом марҳумнинг яқинлари бу пайтда қандай кийинишини ҳам тартибга солади.
Бундан ташқари, дафн ва мотам билан боғлиқ маросимларда чорва сўйилмаслиги лозим, меҳмонларга овқат таклиф этиш ман этилади. Кўплаб оралиқ маросимларни ўтказиш тақиқланди.
Изоҳ (0)